ШЕРХОН СУР, ШЕРШОҲ СУР (1472-1445)-Шим. Ҳиндистонда қисқа муддат (1540-55) ҳукмролик қилган сурийлар давлати асосчиси. Ш.С. нинг асл исми Фаридхон бўлиб, ботирлиги эвазига Биҳар султони томонидан ШЕРХОН лақаби берилган. Ҳиндистонда авж олган ички низолар даврида Бобурнинг Деҳли султонлигига барҳам бериши, Ш. ҳаётида катта ўзгаришларга олиб келган. Ҳинд рожалари ва афғон султонларининг ўта ҳарбий маҳоратга эга Бобурга бас келолмаслигини ақл кўзи билан кўрган Ш. С. Жунаид Барлос орқали бобурийлар хизматига ўтган. Бобур Ш. С. га Ганга дарёси бўйидан паргана ажратиб берган (“Б.”, 362б), аммо бир йилдан сўнг у Шайх Боязид ва Бибан бошлиқ афғонларга қўшилиб мухолифлик тарафига ўтган. Бобур вафотидан сўнг Ш. С. Биҳарни эгаллаб (1533 й.) ўз атрофига афонларни бирлаштириб Ҳумоюнга қарши урушга зимдан тайёрланган. Ҳумоюннинг Гужоратга қилган ҳарбий юришда эканида (1535-36) Бенгал султонини бўйсундириб, бобурийлар давлати сарҳадларига ҳам дахл солган. Ҳумоюн зудлик билан шарқ томон юриб, Чунор қалъасида олти ой Ш. С. ни қамал қилган. Ш. С. таслим бўлган ва Ҳумоюн унинг ҳаётини сақлаб қолган. Укаларининг низоларини бартараф этиш билан банд бўлган Ҳумоюннинг ҳарбий салоҳияти пасайганини англаган Ш. С. яна бош кўтарган ва 1539 йили Чауса, 1540 йили Канауж жангларида устун келиб, бобурийларнинг Ҳиндистонни тарк этишига эришган. Деҳли тахтига ўтирган Ш. С. ўзига Шершоҳ ал Султон ул Одил нисбасини қабул қилган. Ш. С. давлатни бошқариш тизими, пул, солиқ, савдо, ва ҳарбий соҳада ислоҳатлар ўтказган. Шаҳар ва йўлларни ободонлаштиришга катта эътибор берган. Ш. С. вафотидан сўнг унинг ўрнига иккинчи ўғли Жалолхон 1554 йили вафот этган ва тахтга унинг ўғли Исломшоҳ ўтирган. Бу пайтда ўзини ўнглаб олган Ҳумоюн темурийларга хос шижоат билан Ҳиндистон томон қўшин тортиб отамерос тахтини қайтариб олган.
Б.Й.
Ад.: Рўзиев Э., Ҳиндистонда Шершоҳ давлати. Т., “ФАН”, 1992.; Йўлдошев Б., Бобурпур, Т., “”Сано-cтандарт”, 2011.