avatar
Куч
3142.05
Рейтинг
+1163.83

Botirali Yuldoshev

Мақолалар

Шерхон Лўдий

"Бобурнома" да тарихий шахслар
Шеърият ва адабиёт

ШЕРХОН ЛЎДИЙ – Оламхон Лўдийнинг ўғли. “Б.” да Оламхон Кобулдан Ҳиндистонга қайтганидан сўнг (1524 й.) Деҳлини эгаллаш учун қилган ҳарбий юришидан илгари Панжоб ҳокими Давлатхон ва Ғозихон ҳузурига ўғли Шерхонни жўнатиб уларни ҳам ўзига ҳамроҳ бўлишга даъват этган (256б).


Б.Й.

Шаҳрбону Бегим

"Бобурнома" да тарихий шахслар
Шеърият ва адабиёт

ШАҲРИБОНУ БЕГИМ-Бобурнинг аммаси. Султон Абусаъид мирзонинг энг кичик, ўн иккинчи қизи. Ҳирот ҳукмдори Султон Ҳусайн мирзонинг никоҳида бўлган. “Бобурнома” да хабар берилишича, Чекмон урушида барча ҳарам аҳли маҳофадан чиқиб, отга минишганида Шаҳрибону бегим отга чиқмайди. Бундан ранжиган Султон Ҳусайн мирзо уни талоқ қўйган. Мовароуннаҳр ва Хуросон темурийлар қўлидан чиқиб кетганидан сўнг, Бобурнинг Кобулдаги саройига келиб истиқомат қилган. Бобур аммасига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиб, сувли ер-жой инъом қилган. Шаҳрибону бегим ўша ерда ажойиб боғ солдирган. 1606 йили Кобулга ташриф буюрган Жаҳонгир подшоҳ “Тузуки Жаҳонигрий”да бу боғда турфа мевали дарахтлар мавжудлиги ва уни Бобурнинг аммаси Шаҳрибону бегим яратганини қайд қилиб ўтган. 


Ботир ЙЎЛДОШЕВ   


 

Бобурнинг синглиси

"Бобурнома" да тарихий шахслар
Шеърият ва адабиёт

ШАҲРБОНУ БЕГИМ – Бобурнинг ўгай синглиси. Умар Шайх мирзонинг учинчи. Носир мирзо билан бир онадан туғилган. Онасининг исми Умид бегим бўлган. “Бобурнома” да хабар берилишича, М. Б. Бобурдан саккиз ёш кичик. Ш. Б. ҳақида бошқа ҳеч қандай маълумот учрамайди.


Ботир ЙЎЛДОШЕВ

Шаҳзода Хоним

Бобурий маликалар
Илм-фан

ШАҲЗОДА ХОНИМ-Акбарнинг қизи. Малика Ш. Х. ҳижрий 977 (1569/70) йили, шаҳзода Салимдан уч ой кейин туғилган. Онаси сарой канизларидан бири бўлган. “Жаҳонгирнома” да ёзилишича, Акбар чақалоқни онаси Ҳамидабону бегим тарбиясига топширган.  


Ботир ЙЎЛДОШЕВ

Али Яздий

"Бобурнома" да тарихий шахслар
Шеърият ва адабиёт

ШАРАФУДДИН АЛИ ЯЗДИЙ (? — 1454), — машҳур тарихнавис. Язд қишлоғи яқинидаги Тафт қишлоғда таваллуд топган. Темурийлар даврида Шоҳруҳ мирзонинг ўғли Иброҳим мирзонинг топшириғига кўра машҳур “Зафарнома” асарини битган. Кейинчалик темурийзода Муҳаммад Султон хизматида ҳам бўлган. Маълум муддат Ҳиротда яшаб ижод қилган. 1447 йили она ватани Тафт қишлоғига қайтиб келиб умрининг охиригача ўша ерда яшаган. “Шараф” тахаллуси билан шеърлар ҳам ёзган. Шарафиддин Али Яздийни Бобур ўзининг шоҳ асари. “Бобурнома” да Мулло Шараф деб бир марта тилга олинган: “Нечукким “Зафарнома” да Темурбекнинг “масжиди сангин” иморатини қилурда Мулло Шараф мундоқ муболиға била битибдурким, Озарбайжон ва Форс ва Ҳиндустон ва яна ўзга мамолик сангтарошларидан ҳар кунда икки юз киши масжидда иш қилурлар эди”.  (“Б.”, 291б)


Б.Й.


 

Шамсобод

"Бобурнома" да географик жой номлари
Илм-фан

ШАМСОБОД – Ҳозирги Уттар Прадеш штати ҳудудидаги қўрғон. Иброҳим Лудий рожаси Бикромажит билан сулҳ тузиб Шамсободни унга бериб Гувалиёрни ўз тасарруфига киритган. (“Б.”, 268б). Бобур Деҳли тахтини эгаллаганидан сўнг Чандери рожаси Медини Раога Шамсободни таклиф этган (“Б.”, 333б). Аммо Медини Рао бу таклифни рад этган. Кейинроқ Бобур Ратан Сингҳга ҳам Рантанбҳар эвазига Шамсободни ваъда қилган (“Б.”, 343а). Тўхта  Бўға Султонга Шамсобод парганаларидан ўттиз лак иноят қилингани ҳам “Б.” да зикр этилган (376а). 


Б.Й.


 

Шамсиддин атка

Буюк Бобурийлар тарихи
Илм-фан

ШАМСИДДИН МУҲАММАД (АТКА ХОН)-бобурийлар саройидаги йирик амалдорлардан бири. Ғазнида камбағал деҳқон оиласида туғилган. Оддий навкар бўлиб Комрон мирзо хизматига кирган. Қанауж жангида мағлуб бўлган Ҳумоюннинг дарёдан қирғоққа чиқишига ёрдам бергани учун подшоҳнинг назарига тушиб, хос хизматчилар қаторига қўшилган. Умаркотда туғилган шаҳзода Акбарга Ш. М. хотини (Жижи) энага қилиб тайинланган ва Ш. М. атка унвонига сазовар бўлган. Акбар тахтга ўтиргач, аткаси Ш. М.га Панжобни жогир қилиб берган ва сўнгра Панжоб ҳокими этиб тайинлаган. Байрам Хон вазифасидан четлатилиб, исён кўтарганида Ш. М. бошлиқ қўшин Жаландҳар яқнида қўзғолончиларни мағлуб этган. Бу ғалабадан сўнг Акбар унга Аъзам Хон нисбасини иноят қилган. 1548 йили Лоҳурдан саройга чақирилиб, Вакил мансабига тайинланган. “Ойини Акбарий”да ёзилишича, Ш. М. ҳ. 969 йили рамазон ойининг 12 куни (16 май, 1562) Адҳам Хон томонидан ўлдирилган.


Ботир ЙЎЛДОШЕВ

Шакаруннисо

Бобурий маликалар
Илм-фан

ШАКАРУННИСО БЕГИМ-Акбарнинг қизи. Онаси Биби Давлат Шод. Ҳижрий 1001 ( 1593)  йили Акбар қизи Ш. бегимни Мирзо Шоҳруҳга никоҳлаб берган ва куёвини Малва ҳокими этиб тайинлаган. Уларнинг фарзандлари ҳақида маълумот йўқ.


Ботир ЙЎЛДОШЕВ


 


 

Ҳиротлик шайх ул ислом

"Бобурнома" да тарихий шахслар
Шеърият ва адабиёт

ШАЙХУЛИСЛОМ САЙФУДДИН АҲМАД — Ҳирот ҳукмдори Султон Ҳусайн мирзонинг вазири ва давлат арбоби. Ш. С. А. Мавлоно Саъдуддин Тафтазоний авлодидан бўлган. Бобурнинг таъриф беришича, Ш. С. А. ниҳоятда донишманд инсон бўлган. Шофий мазҳабида бўлсада бошқа мазҳабдаги мусулмонларни ҳам ҳурмат қилган. Араб тилини яхши билган. Ҳеч қачон намозни тарк қилмаган. Шоҳ Исмоил Сафавий Ҳиротни босганида шаҳид бўлган ва ўша уруш оқибатида Ш. С. А. наслидан киши қолмагани   “Бобурнома” да қайд қилиб ўтилган.


Ботир ЙЎЛДОШЕВ

Суҳайлий

"Бобурнома" да тарихий шахслар
Шеърият ва адабиёт

ШАЙХИМБЕК СУҲАЙЛИЙ — Ҳирот ҳукмдори Султон Ҳусайн мирзонинг амирларидан бири. Бобурнинг хабар беришича, Суҳайлий тахаллуси билан ижод қилган ва девон ҳам тартиб қилган. Шеърларида қўрқитув ва дағдағага доир сўз ва фикрлар ўрин олган.


Шаби ғам гирдоби оҳам аз жо бурд гардунро,


Фирў бурд аждаҳои сели ашкам рубъи.


Мазмуни: Ғамли кечаларда оҳимнинг қуюни осмонни ўрнидан қўзғатди, кўз ёшим селининг аждаҳоси ер юзини ютиб юборди.


“Бобурнома” да ёзилишича, мазкур байтни бир гал мавлоно Абдураҳмон Жомий ҳузурида ўқиганида, улуғ шоир: “шеър айтасиз ё одам қўрқутасиз?”, деб Ш. С. ижодига баҳо берган (“Б.”, 174а). 


Ботир ЙЎЛДОШЕВ


 

Ов беги

"Бобурнома" да тарихий шахслар
Шеърият ва адабиёт

ШАЙХИМ МИРИ ШИКОР –Бобурнинг хизматчиларидан бири. Унинг вазифасига ов қилиш жойини танлаш, шикор чоғида зарур бўладиган барча анжом ва шароитларни тайёрлаш, ҳамда овчи қушларга қараш юклатилган. Бобур Бигромда Шайхим мири шикор тарбиялаган яхши бир лочини йўқолганини зикр қилган (“Б.”, 233а). “Б.” нинг 2002 й. нашрида МИРИШКОР тарзида берилган матн нотўғри, Мири шикор шаклида ёзилиши керак.


Б.Й.

Бухоролик шайх

Буюк Бобурийлар тарихи
Илм-фан

ШАЙХ ФАРИД БУХОРИЙ (вафоти 1616)- Акбар ва Жаҳонгир замонидаги йирик амалдорлардан бири. “Тузуки Жаҳонгири”да берилган маълумотларга кўра Деҳлида туғилган. Акбар замонида ёшлигида хизматга кирган. 700 боши мансабидан 1500 лавозими ва Мир Бахши мансабини эгаллаган. Маълум муддат Дафтари Тан (жогирдорлар билан боғлиқ ишлар) бўйича мутасадди ва Гужорат субадори вазифасида ишлаган.  “Акбарнома” да берилган маълумотларга қараганда ҳукмронлигининг йигирма иккинчи йилида Деҳлига келганида Акбар подшо Шайх Фарид Бухорий қароргоҳида тўхтаган. Шаҳзода Салим исён кўтарганида Аллоҳободга бориб уни подшоҳ деб эълон қилади. Ана шу хизмати эвазига тахтга ўтирган Жаҳонгир унга хилъат, қимматли тошлар билан безатилган қилич ва сиёҳдон инъом қилиб “Соҳиб ус саиф вал Қалам” (Қилич ва қалам соҳиби) деб атайди ва беш минг ҳазори мансабига тайин қилган. 1606 йили шаҳзода Хусрав исёнини бостириб, уни Чиноб дарёси бўйидаги Бҳайравал деган жойдаги урушда уни асир олиб келгани учун Муртазо Хон хитоби сарфароз қилинган ва уруш бўлган жойлар унга жогир қилиб берилган. Кейинроқ Панжоб субадори мансаби ва 6000 зоти, 5000 сувори унвони берилган. Ўта қийин Кангра қалъасини забт этишда катта хизмат кўрсатган. Шайх Фарид Бухорий мамлакатнинг кўп жойларида масжидлар, ҳаммомлар, бозорлар ва саройлар қурдирган. Аҳмадобод шаҳрида бир маҳаллани обод этиб унга Бухоро номини берган. Бухороликларни ҳамма жойда қўллаб қувватлаган ва шу қавм аъзоларининг тўйларида катта катта совғалар ҳадя қилган. Ҳомиладор аёлларга ҳам пул берган.Ўзининг пиёда аскарларига ҳар йили тўшак олиб берган. Вафот этганида унинг уйидан 1000 ашрафий танг бўлган холос. Ундан фарзанд қолмаган. Иккита болани асраб олган бўлган.


Ботир ЙЎЛДОШЕВ


 

Бобурийлар саройи шоири

Бобуршунослик
Шеърият ва адабиёт

ШАЙХ ФАЙЗИЙ (тахаллуси АБУЛ ФАЙЗ ФАЙЁЗИЙ)-улуғ шоир, файласуф, дипломат, ҳарбий саркарда ва тўрт юз боши.  Шайх Муборак Нагорийнинг катта ўғли, Шайх Абул Фазл Алломийнинг акаси. Ҳиндистодаги барча дин, мазҳаб ва эътиқодларнинг тенглигини ифода эттирган “Сулҳи Кулл” (“Умумий тинчлик”) тезиси ва шу асосда яратилган Дини илоҳийнинг яратувчиси. Акбарнинг яқин дўсти. Ҳ. 954 (1547/48) йили Аграда таваллуд топган. “Акбарнома” хабар берилишича, Ш. Ф. “малик уш шуаро” (шоирлар амири) унвонига лойиқ топилган ва “Хамса” ёзишга киришган. Ҳ. 1004 йили сафар ойининг 10 куни (1595 йил, 14 октябрь) куни астма касаллигидан вафот этган. Бу сана “файйози аъжам” иборасида ифода топган. Унинг ўз қаламига мансуб 101 китоб ва шахсий кутубхонасида 4 300 қўлёзма асар бўлган.  У бобурий шаҳзодаларга устоз ва тарбиячи бўлиб ҳам саройда хизмат қилган.


Ботир ЙЎЛДОШЕВ

Ҳиндистонлик авлиё

"Бобурнома" да тарихий шахслар
Шеърият ва адабиёт

ШАЙХНИЗОМУДДИНАВЛИЁ-(1238-1325 йй.) Ҳиндистондаги машҳур авлиёлардан бири. Султон ул Машойих, Маҳбуб ул Илоҳи деб ҳам аташади. Чиштия тариқатининг намоёндаси. Ҳозирги Уттар Прадеш штати ҳудудидаги Бадаюн номли жойда дунёга келган. Отаси Аҳмад Бадаюний, онаси Биби Зулайҳо. Аждодлари Бухородан. Бобоси Дониёл Бухородан Ҳиндистонга кўчб келган. Отаси вафотидан сўнг Деҳлига келиб яшай бошлаган. 20 ёшида Ажодҳан (ҳозирги Покистонда, Бобо Фарид деб аталади) га бориб Фариддин Гандшакарга шогирд тушган. Аммо муқим қололмаган. Ҳар йили рамазон ойини пири ёнида ўтказган. Деҳли яқинидаги Ғиёспур деган жойда хонақоҳ қурдирган. Оллоҳга бўлган муҳаббат, инсонларга нисбатан бўлган муҳаббат орқали намоён бўлади, деган ақидани қўллаган. Ул зотнинг ҳозирги мақбараси бобурийзода Акбар подшоҳ замонида 1562 йили қурилган. Малика Жаҳоноро бегим Низомуддин авлиё даргоҳининг ёнида дафн этилган. Амир Ҳусрав Деҳлавий ул зотни пир ҳисоблаган ва Низомуддин авлиёнинг оёқ томонларига дафн этилган.


Бобур Панипатдаги ғалабадан сўнг Деҳли қўрғонига киришдан аввал Низомуддин авлиё мазорини тавоф қилган (“267б”).


Ботир ЙЎЛДОШЕВ


 

Ҳиндистонлик саййид

Блог им. indianstudies

ШАЙХ МУҲАММАД БУХОРИЙ-Ҳиндисонлик саййидлардан. Она томондан Шайх Фарид Бухорийнинг жияни. Акбар ҳукмдорлигининг ўн еттинчи йили Шайх Муҳаммад Бухорийга Ажмирдан туюл ажратиб берган ва Шайх Муъиниддин Чиштий мақбарасига мутасадди этиб тайинлаган.   


Ботир ЙЎЛДОШЕВ


  

Бобурнинг илк устози

"Бобурнома" да тарихий шахслар
Шеърият ва адабиёт

ШАЙХ МАЗИДБЕК — Бобурнинг биринчи аткаси. “Бобурнома” да Ш. М. ка “Забти ва тузуки хейли яхши эди. Бобур мирзоға хизмат қилғондур. Умар Шайх мирзо қошида андин улуғроқ бек йўқ эди. Фосиқ киши эрди” (13б), деб таъриф берилган. Ш. М. Бобурнинг шаҳзодалик пайтида вафот этган.    


Ботир ЙЎЛДОШЕВ   


 

Бобурнинг мусоҳиби

"Бобурнома" да тарихий шахслар
Шеърият ва адабиёт

ШАЙХ ЗАЙН – Бобур саройидаги умаро ва диний пешволардан бири, садр лавозимини эгаллаган. 1526 йили Деҳли фатҳ этилганида, жума куни шаҳарнинг бош мачитида Бобур номига хутба ўқиган. Бобур унга Аграда, дарё ёқасида ер ажратиб бергач, ўша жойда боғ ва ҳавз барпо этиб, ободончилик ишларига ҳисса қўшган. Подшоҳнинг диний ишлардаги маслаҳатчиси сифатида, мусулмонлардан олинадиган тамға солиғини бекор қилдирган. Бобурнинг баъзи фармонларини Шайх Зайн ёзган ва муншийлар кўпайтириб, мамлакатга тарқатган. Бобурнинг 1527 йилда Рано Санграм устидан қозонган ғалабасига Шайх Зайн “Фатҳи подшоҳи ислом” сўзлари орқали абжад ҳисобида ҳижрий 933 йилни (милодий 1527) топган. “Бобурнома” ни кўчирган номаълум хаттот Шайх Зайнга шундай таъриф бериб ўтилган: “Ва Шайх Зайн садрким, Зайниддин Хавофийнинг набираси эрди: хиддати табъи бор эди, назм ва иншодин салиқалиғ ва Ҳумоюн подшоҳ замонида умаролиғ ҳам топиб эди” (“Б.”, 392б).


Ботир ЙЎЛДОШЕВ


 

Шайх Гуран

"Бобурнома" да тарихий шахслар
Шеърият ва адабиёт

ШАЙХ ГУРАН — Миёни дуоб ҳудудидаги шайхлардан бири.  Бобур Деҳли тахтини эгаллаганидан сўнг эътиқод ва ихлос билан келиб мулозмат қилган. Ўзи билан уч мингга яқин сипоҳни ҳам Бобур хизматига олиб келган. Санбҳал, Куйил ва Чандерийга қилинган ҳарбий юришларда ўз сипоҳлари билан иштирок этган. Чандерий қамалидан аввал Бобур қалъа сардори Медини Равга  элчи қилиб жўнатиб масалани урушсиз ҳал қилишни таклиф қилган ва бу вазифа Шайх Гуран (Оройиш Хон билан бирга)зиммасига юклатилган. Бобур Куйилга сайрга борганида икки кун Шайх Гураннинг меҳмони бўлган. Яна Арий парганасидаги нилуфарзорга сайр қилганида Шайх Гуран Бобурга янги тухум боғлаган нилуфарни тақдим этгани “Бобурнома” да қайд қилинган (369б). Бобурдаги боғдорчилик табиатини ўзлаштирган Шайх Гуран ҳам Ҳиндистонда узум эктириб ҳосилидан подшоҳга жўнатиб турган (“Б.”, 380б).   


Ботир ЙЎЛДОШЕВ


 

Боязид Фармулий

"Бобурнома" да тарихий шахслар
Шеърият ва адабиёт

ШАЙХ БОЯЗИД ФАРМУЛИЙ – Ҳиндистондаги маҳаллий афғон амирларидан бири. Пуроб тоғи ёнбағридаги қабилаларни буйсундирган Иброҳим Лўдҳийнинг ишончли ва яқин аёнларидан бири Мустафо Фармулийнинг укаси. Бобур Деҳли султонлигини фатҳ этишидан сал илганри вафот этган Мустафо ўрнига Ш. Б. Ф.тайин қилинган. Панипат жангидан сўнг Ш. Б. Ф. ўз ихтиёри билан Бобур саройига қуллуқликка келади. Бобур Ш. Б. Ф. ни яхши кутиб олиб унга Авадҳ вилоятидан бир карор қирқ саккиз лак эллик минг танга (14 850 000) танга ва Пуробдан паргана иноят қилади. Ш. Б. Ф. Маҳдий Хожага иноят қилинган Атова ҳарбий юришида иштирок этади. Аммо кўп ўтмай Рона Санграмнинг Бобурга қарши куч тўплаётганини эшитиб исён кўтариш пайига тушади. Бундай сиёсий танг вазиятнинг олдини олиш учун Бобур Султон Али туркни Ш. Б. Ф. томон жўнатади. Кейинроқ Сарвардаги афғонларни бостириш учун тайин қилинган Муҳаммад Али жанг-жангга Ш. Б. Ф. ни ҳам чақиришни, мабода эътиқод билан келиб қўшилмаса  унинг ўзини ҳам дафъ қилиш тайиланади. Бу пайтда Ш. Б. Ф. Авадҳ вилоятидаги Сару дарёси бўйида Султон Али турк билан хат орқали музокаро олиб боради. Шахсан Бобурнинг ўзи бу томонга келаётганини эшитган Ш. Б. Ф. қалин ўрмонга кириб қочади. Ш. Б. Ф. юз минг афғондан иборат қўшин тўплаган Султон Маҳмуд ўз қаноти остига ўтади ва Лакҳнавга ҳужум қилади. Биҳар ва Бангола масаласини ҳал қилган Бобур бутун эътиборини “харомхўр Ш. Б. Ф.” ни маҳв этишга қаратади. Ш. Б. Ф. Чунор томонда қўшин йиғаётгани хабари келгач, Бобур беклар ўтрасида машварат ўтказиб иккига бўлиниб ҳаракат қилиш режасини тузади. Авадҳ яқинидаги бобурийлар қўшини Ш. Б. Ф. ни Маҳоба парганасида босади. “Бобурнома”нинг сўнгги саҳифаларида Ш. Б. Ф. қочиб кетгани хабари берилган.      


Ботир ЙЎЛДОШЕВ