avatar
Куч
3142.05
Рейтинг
+1163.83

Botirali Yuldoshev

Мақолалар

Улуғбек Мирзо Кобулий

"Бобурнома" да тарихий шахслар
Шеърият ва адабиёт

УЛУҒБЕКМИРЗО (КОБУЛИЙ)– Бобурнинг амакиси. Умар Шайх мирзонинг укаси. У. М. 1460 йили Ҳиротда таваллуд топган. Абусаъид мирзо саккизинчи ўғли У. М. ни Кобул ҳокими этиб тайинлаган. Шу сабабдан ва буюк аллома Улуғбек мирзодан фарқ қилишни назарда тутиб баъзи тарихий манбаларда Кобулий нисбаси қўшилиб ёзилган, баъзан У. М. Соний деб ҳам зикр қилинади. У. М. Кобул вилоятини обод қилиш ишларига катта аҳамият берган. Боғ-роғлар яратиб, оқар сувли жойларда сабзали дам олиш масканлари ва қатор толорлар ҳамда иморталар барпо қилган. Улуғ бобокалони Амир Темурнинг Самарқанд атрофидаги қишлоқларга Дамашқ, Бағдод каби номларни берганига тақлид қилиб Кобул яқинидаги кентларга Самарқанд ва Ҳирот каби машҳур шаҳарлар номини берган.    “Бобурнома” да ёзишича, У. М. томонидан бунёд қилинган Боғи Калон номли боғни Бобур қайтадан таъмир қилдирган. Бобур онаси вафот этганида тоғ тепасида У. М. қурдирган Боғи Наврўзий оромгоҳига дафн эттирган. Бобур У. М. нинг Боғи Биҳишт, Бўстонсарой номли иморатларини ҳам тилга олган. Гулбадан бегимнинг “Ҳумоюннома”да ёзишича, У. М. вафотидан сўнг унинг ўғли Абдураззоқ мирзо  Кобулни Зуннун арғунга олдириб қўйган. 1504 йили Бобур Кобулни эгаллагиндан сўнг амакиси У. М.нинг  ўғли Абдураззоқ мирзога ҳурмат кўрсатиб уни ўз хизматига олган.        


Ботир ЙЎЛДОШЕВ  


 

Удайпур

"Бобурнома" да географик жой номлари
Илм-фан

УДАЙПУР – Ҳиндистоннинг Рожастан штатидаги ҳудудидаги вилоят ва шаҳар. Удайпур шаҳри рожа Удай Сингҳ номи билан боғлиқ. Ўрта асрларда Мевар рожалигининг биринчи пойтахти.  Акбар даврида Бобурийлар давлати таркибига қўшиб олинган.


Бобур Канва жангида Удайпур вилояти рожаси Равал Удай Сингҳ ҳам унга қарши урушга кирганини зикр қилган (“Б.”, 324а).


Б.Й.


 

Убайдхон

"Бобурнома" да тарихий шахслар
Шеърият ва адабиёт

УБАЙДХОН,Убайд Султон, тўлиқ исми: Абулғозий Убайдуллоҳ Баҳодирхон (1486, Хоразмнинг Вазир ш. яқинидаги Тирсак мавзеси- 1540.17.3, Бухоро)- Бухоро хони (1533—40), шоир ва хаттот. Шабйонийхоннинг жияни. Отаси Маҳмуд Султон (Абулхайрхоннинг набираси) Хожа Убайдуллоҳ Аҳрордан ўғлига исм қўйишни илтимос қилган. Улуғ пир ўз исмни берган. У. ўз даврининг машҳур уламоларидан сабоқ олган. Давлат арбоби ва саркарда амир Абдулла Яманий (Бухорода Мир Араб номи б-н машҳур бўлган) ҳарбий санъатдан сабоқ берган ва ўзига мурид қилиб олган. Қундузда вафот этгач (1504), Шайбонийхон Бухоро ва Хоразм ҳокимлигини У.га топширган. У. амакиси Шайбонийхоннинг Хоразм (1505), Балх (1506), Ҳирот ва Машҳад (1507)га қилган ҳарбий юришларида қатнашган. 1511 йили Бобур ва Эронийлардан мағлуб бўлган Шайбоний султонлар қатори Туркистонга чекинган. Бир йилдан сўнг яна Мавороуннаҳрга қайтиб келиб Кўли Малик жангида Бобурни мағлуб этган. Бобур аввалига Бухорога, эртаси куни Самарқандга чекинган ва оиласини олиб Ҳисор томон кетган. 1512 йилнинг кузида Бобур Нажми Соний бошчилигидаги 60 минг кишилик сафавийлар қўшини ёрдамида Ғузор ва Қаршини эгаллаган. У. Нажми Соний қўшинини Ғиждувон жангида мағлуб этгач, Бобур Мавороуннаҳрни эгаллаш орзусидан воз кечиб Кобулга қайтган. У 1513 й.  март ойида Марвни эгаллаган. Узоқ давом этган ҳарбий тўқна-шувлардан сўнг Машҳад, Ҳирот (1529) ва б. шаҳарларни ҳам қўлга киритган. Бобурнинг ёзишича, У. Тус шаҳрини саккиз ой қамал қилганидан сўнг эгаллаган (“Б.”, 301б). 1533 й.да Абу Саидхон вафотидан сўнг, туркий анъанага биноан султонлар ичида энг ёши улуғи У. Бухорода шайбонийлар сулоласининг хони қилиб кўтарилган. Пойтахт ҳам Самарқанддан Бухорога кўчирилиб, давлатнинг номи расмий равишда Бухоро хонлиги деб аталган. У. ҳукмронлиги даврида Бухоро давлатининг сиёсий, иқтисодий ва маданий мавқеи кучайган. Бухорода Мир Араб мадрасаси, Кўҳак (Зарафшон) дарёси устида Меҳтар Қосим кўприги ва б. иншоотлар қурилган. У. «Убайдий», «Қул Убайдий», «Убайдуллоҳ» тахаллуслари б-н ўзбек, форс ва араб тилларида ижод қилган. У. нинг девон ва куллиёти сақланиб қолган. Ўзбек адабиётида рубоийнинг Бобурдан кейинги тараққиёти У. номи б-н боғлиқ. У. Бухоро яқинида жойлашган Баҳоуддин мажмуасидаги Дахмаи шоҳон (Шоҳлар дахмаси)даги шайбонийлар хилхонасида дафн этилган.


Ад: С. Азимджанова. Государство Бабура в Кабуле и в Индии. М., “Наука”, 1977; Қ. Ражабов, Э. Очилов. Убайдуллахон. Т., “Abu matbuot-rjysalt”, 2011.


Б. Й. 

Тўхта Бўға Султон

"Бобурнома" да тарихий шахслар
Шеърият ва адабиёт

ТЎХТА БЎҒА СУЛТОН — Бобурнинг кичик хон додаси, Олачахон нисбали Султон Аҳмадхоннинг ўғли. Бобурнинг яқин хос бекларидан бири. Бобур унга Шамсобод парганасидан ўттиз лаклик иноят бериб юкунтирган.  “Бобурнома” да ёзилишича Бобур Эронлик ва Туронлик элчиларни қабул қилиши маросимида подшонинг ўнг томонида ўтирган. Бобур ўлими олдидан хотини Моҳим бегимга қизи Гулчеҳра бегимни Тўхта Бўға Султонга узатишни тайинлайди. Гулбадан бегимнинг гувоҳлик беришича бу фикрни қўллайди ва тўйни ўтказиб берган.    


Ботир ЙЎЛДОШЕВ


 

Турди Бек Туркистоний

Буюк Бобурийлар тарихи
Илм-фан

ТУРДИ БЕК ТУРКИСТОНИЙ — Ҳумоюн саройидаги йирик амалдорлардан бири. 1536 йили Гужорат маҳв этилганидан сўнг Чампанир ҳокими этиб тайинланган. “Ҳумоюннома” да хабар берилишича, Ҳумоюн Деҳлини ташлаб чиқишга мажбур бўлганида Турди Бек ўзини яқин одамлардан бири қилиб ўзини кўрсатади. Улар  рожа Мал Дэвга қарашли сувсиз чўл жойлардан ўтаётганларида ҳомиладор малика Ҳамидабонуга миниш учун от топилмай қолади ва подшоҳнинг Турди Бекдан от сўраб қилган илтимоси инобатга олинмайди. Қандаҳор яқинида Турди Бек Хумоюндан ажралиб, мирзо Аскарийга қўшилади. Ҳумоюн Эрондан қайтиб келиб ота мерос ерларни қайта эгаллагач, Турди Бек аввалги қилган ишларидан пушаймон бўлиб, кечирим сўрайди. Деҳли тахти яна бобурийлар қўлига ўтгач, Меват вилояти Турди Бекка жогир қилиб берилади. Отаси вафотини Панжобда туриб эшитган Акбар Турди Бекни беш минг ҳазори ва Деҳли ҳокими мансабига тайинлайди. 1556 йили Тўғлоқобод яқинида Одилшоҳнинг Бош вазири Ҳемуга қарши урушда мағлуб бўлган Турди Бек Панжобга, Акбар подшоҳ ҳузурига қочиб боради. Ёш подшоҳнинг оталиғи Байрам Хон Турди Бекни қўрқоқоликда айблаб қатл қилдиради.


Ботир ЙЎЛДОШЕВ


 

Тўлғама

Бобуршунослик
Шеърият ва адабиёт

ТЎЛҒАМА – ҳарбий тактика. Жанг пайтида душманнинг ён томонидан айланиб ўтиб қанот ва орқадан ҳужум қилиш. Бобур Сарипул жанги тўғрисида ҳикоя қилар экан “Ўзбакнинг урушта бир улуқ ҳунари тўлғамадур, ҳеч бир уруши тўлғамасиз бўлмас”, деб таъриф берган (“Б.”, 90а.). Панипат жангида Бобур “тўлғама” усулидан унимли фойдаланган (“Б.”, 267б, 268а).


Б.Й. 

Тўйбеги

Буюк Бобурийлар тарихи
Илм-фан

ТЎЙБЕГИ-Бобурийлар давлатидаги лавозим. Акбар замонида Тўйбеги мансабига икки киши тайин қилинган. Биттаси келин томонидан, иккинчиси куёв томондан олинадиган солиқни назорат қилган. Мингбоши ва ундан юқори мансабдорлар 10 муҳр, беш юз бошидан мингбошигача 4 муҳр, юз бошидан беш юз бошигача 2 муҳр, қирқ бошидан юз бошигача 1 муҳр, ўнбошилар 4 рупий, ўрта ҳол одамлар 1 рупий ва оддий халқ 1 дам солиқни тўйбеги орқали давлат ғазнасига топширган. Тўйбеги тўй маросимининг хушнудлик блан ўтиши ва тўй кунини белгилаш вазифасини ҳам бажарган.


Ботир ЙЎЛДОШЕВ


 

Тўғлоқбод

"Бобурнома" да географик жой номлари
Илм-фан

ТЎҒЛОҚОБОД ( ҳинд: तुग़लक़ाबाद क़िला, Урду: تغلق آباد قلعہ‎ ) Деҳлидаги эски қалъа, Деҳлининг тарихий бешинчи шаҳри. Ғиёсиддин Тўғлоқ томонидан 1321-27 йй. бунёд этилган. Қалъа деворларининг айланаси 6, 5 км. Бобур Деҳлини ўз тасарруфига киритганидан сўнг унинг номига хутба ўқилган куни Тўғлоқобод қалъасини сайр қилган (“Б.”, 268а).


Б.Й.

Томас Роу

Буюк Бобурийлар тарихи
Илм-фан

ТОМАС РОУ ( SIR THOMAS ROE, 1581-1644)-дипломат, сиёсий арбоб ва тарихчи. Буюк Британиянинг бобурийлар давлатига жўнатилган биринчи элчиси.  Т. Р. 1614 йили Ажмирда Жаҳонгир қабулида бўлади ва Англиянинг Ост Индия компаниясининг Ҳиндистонда савдо ишларини олиб бориши учун рухсат олади. У уч йилдан зиёд бобурийлар саройида элчилик вазифасини бажаради. 1621-1628 йилларда эса Туркияда элчилик вазифасини ўтайди. 1629 йили Англияга қайтиб сиёсат билан шуғуллуанган. 1638 йили 1200 фунт стерлинг маош билан нафақага чиққан. Оксфор Университетининг консули этиб ҳам тайинланган. “Буюк мўғуллар саройида” номли тарихий асар ёзиб қолдирган. Т. Р. нинг бу китобида бобурийлар давлатининг идора этилиши, сарой тартиб қоидалари, турли маросим ва тадбирлар ҳақида қимматли маълумотлар баён қилинган.


Ботир ЙЎЛДОШЕВ

Тол

"Бобурнома" да ҳайвон ва ўсимликлар номи
Илм-фан

ТОЛ  — толдошларга мансуб дарахтлар ва бута, чала буталар туркуми. Толнинг  300 хил тури маълум, шундан 22 хили Ўрта Осиёда учрайди. Тол асосан, мўътадил минтақада, Европа ва Шим. Америкада кенг тарқалган. Дарахтларининг ходаси йўғон, пўсти дағал, барглари навбат б-н жойлашган. Баъзилари барги ёзилгунча, бошқалари барги ёзилгандан кейин ёки барги ёзилиши билан бир вактда гуллайди. Икки ёшли новдалари кучала чиқаради. Ўзбекистонда оқ тол, қора тол, игна-барг тол, мажнунтол, сувтол, турон толи турлари тарқалган. Кўкаламзорлаштириш, ободонлик, иҳота ўрмонзорлари ташкил этиш, ёғоч ва хода олиш учун экилади. Қадимдан тол ёғочидан қурилиш материаллари, тоқи, ишком, сўри, ҳар хил буюмлар, бешик, болалар ўйинчоқлари, кетмон ва белкурак дасталари ясашда фойдаланилади. Толнинг новдаларидан ҳар хил саватлар  тўқилади. Бобур бир неча жойларда супа ясатиб унинг атрофини тол эктириб дам оладиган жой ҳозирлаганини “Бобурнома” да қайд қилиб ўтган.


Ботир ЙЎЛДОШЕВ


 


 


 

Тожихон Сарангхоний

"Бобурнома" да тарихий шахслар
Шеърият ва адабиёт

ТОЖИХОН САРАНГХОНИЙ – Ҳиндистондаги маҳаллий афғон амирларидан бири. 1529 й. Бобур шарқ томон юриш қилганида Султон Маҳмуд Лудийнинг қочгани хабарини етказган (“Б.”, 363б). Сўнг кўп ўтмай ўғиллари билан Бобур ҳузурига келиб мулозимат қилган.


Б.Й

Тодар Мал

Буюк Бобурийлар тарихи
Илм-фан

ТОДАР МАЛ (1523, Лоҳур-1589,? )- Бобурийлар давлатидаги энг йирик ҳинд рожаларидан бири. Тўрт ҳазори лавозимида бир неча ҳарбий юришларга раҳбарлик қилиб, мамлакат сарҳадларини кенгайтириши ва ички исёнларни бостиришда фаол иштирок этган. Акбар ҳукмронлигининг 27-йили Дивон (Вазир) мансабига тайин этилгач, қатор молиявий ислоҳатларни ўтказган. Саройдаги барча ҳисоб-китоблар форс тилида олиб борилишига буйруқ бериб, маҳаллий ҳиндларнинг давлат тилини ўрганиши ва урду тилининг янада тараққий этишига имкон яратган.


Ботир ЙЎЛДОШЕВ


 

Тижара

"Бобурнома" да географик жой номлари
Илм-фан

ТИЖАРА – Меват вилоятининг пойтахти. Канва жангидан сўнг Бобур Меват томон юриш қилган. Алварнинг яқинига етганида Ҳасанхон Меватийнинг Карамчанд исмли амири Бобур ҳузурига келиб омонлик тилаган. Бобур шаҳар аҳолисига зарар етказмай, Тижарани Канва жангидаги жасорат кўрсатган Чин Темур султонга жулду сифатида инъом қилган (“Б.”, 327).


Б.Й.


 

Тибет

"Бобурнома" да географик жой номлари
Илм-фан

ТИБЕТ- (хитойча Сицзан) — Хитойнинг жан.-ғарбий қисмидаги маъмурий бирлик, Тибет тоғлигида. Майд. 1,2 млн. км2. Аҳолиси 2,52 млн. (1998). Маъмурий маркази — Лҳаса ш. Тибет халқи мил.ав. 6—5-а.ларда Кукунор р-нидан Тибет ҳудудига кўчиб ўтган цянларнинг автохтонлар б-н қўшилиб кетишидан келиб чиққан. Мил. 7-а.дан цянларнинг бир қисми деҳқончилик б-н шуғулланган. Ўша даврда Тибетнинг жан.-шарқий қисмидаги Ярлунга ҳукмдори Намри барча қабилаларни бирлаштирган. Унинг ўғли Сронцзангамбо (649 й.да вафот этган) Тибет давлатига асос солган. 787 й.дан буддизм давлат динига айланган. Лангдарма ҳукмронлик қилган даврда (836—842) буддистлар таъқиб остига олина бошланди, унинг ўлимидан сўнг Тибет бир нечта мустақил ҳокимликларга парчаланиб кетди. 11—12-а.лар-да бир қанча будда секталари юзага келди, монастирлар қурилди, уларнинг йириклари атрофидаги ҳудудлар б-н ўзларини мустақил давлат деб ҳисобладилар. 13—14-а.ларда Тибет мўғуллар су-лоласи Юаньга тобе бўлган. 14-а. охири — 15-а. бошида роҳиб Цзонкаба (1357—1419) янги будда сектаси — Гэлугбани тузди. Ушбу секта роҳиблари сариқ кийим кийганлиги сабабли, уни «Сариқ дин» деб хам аташади. 16-а.дан унинг бошлиғи далайлама унвони б-н Тибетни бошқарган. 1720 й. манжурлар Лхасани босиб олди. 1792 й.да эса Цин империяси уни ўз таркибига қўшиб олди. Синьхай инқилоби (1911-13) даврида Цин сулоласи тугатилиб, манжурлар Тибетдан қувиб чиқарилди. 13-далай-лама Пекин б-н буткул алоқани узганлигини эълон қилди. 1949 й. 4 нояб.да монастир вакилларидан тузилган Буюк мажлисда Тибет  расмий равишда мустақил деб эълон қилинди. 1951 й. ХХР ҳукумати ва Тибет ўртасида «Тибетни тинч йўл б-н озод этиш масалалари тўғрисида шартнома» имзоланиб, унда Тибетга Хитой таркибидаги миллий мухторият ҳуқуқи берилиши кўзда тутилган. 1950-й.лар-нинг 2-ярмида вазият кескинлашди. Лхасада 1959 й. мартда исён кўтарилди. 14-далай-лама Ҳиндистонга ўтиб кетди. 1965 й. Тибет мухтор райони тузилди.


Бобур Кашмирнинг шимолида номаълум улуслар яшаши ва уни Тибет вилояти деб зикр қилган (“Б.”, 273а). 


ТИБЕТ ТОҒЛИГИ — Марказий Осиё, асосан, Хитойда. Ер шаридаги энг кат-та ва баланд тоғлардан. Майд. 2 млн. км2, бал. 4000—5000 м, баъзи тизмаларнинг бал. 6000—7000 м. Ҳимолай, Қорақурум, Куньлун, Сина-Тибет тоғлари б-н чегараланган. Т. т. нинг шим. ва марказий қисми бир оз тўлқинсимон ёки ясси текислик бўлиб, кенглик бўйлаб чўзилган ва қия ён бағирли тоғ тизмаларидан иборат. Тангла, Кайлас ва б. тизмаларида музликлар бор.


Б.Й.

Тенгриқули Бек

"Бобурнома" да географик жой номлари
Илм-фан

ТЕНГРИҚУЛИ БЕК-Бобурнинг яқин аёнларидан бири. Доимий чоғир суҳбатларида иштирок этган. Унинг кўп ичиб ўзини тутолмай қолиш одати пайдо бўлгач, Бобур унга маст қилувчи ичимликларни ичишини манъ қилиб қўйганини “Бобурнома”да ёзиб ўтган.


Ботир ЙЎЛДОШЕВ


 

Тенгриберди

"Бобурнома" да тарихий шахслар
Шеърият ва адабиёт

ТЕНГРИБЕРДИ-Бобурнинг амир ул умароси Қосимбекнинг ўғли. Отаси билан бирга Бобурни Ҳиротга кузатиб борган. Қайтишда тоғда қаттиқ совуқ ва қор йўлни тўсганида оёғи билан қор тепиб йўл очгани ва Кобулда Тенгриберди ташкил қилган суҳбатда иштирок этганини Бобур “Бобурнома” да ёзиб қолдирган.


Б.Й.


 

Тенгриберди сомончи

"Бобурнома" да тарихий шахслар
Шеърият ва адабиёт

ТЕНГРИБЕРДИ САМОНЧИ – Султон Ҳусайн Мирзонинг бекларидан бири. Хисравшоҳ Балхни қамал қилганида саксонтача йигит билан ташқари чиқиб, душманлардан Назар баҳадир исмли навкарининг бошидан жудо қилган (“Б.”, 57б). Бобур уни “турк ва мардона қиличлик йигит эди” деб таърифлаган.


Б.Й.